Шуни маълум қиламизки, 2022 йилнинг 18-21 декабрь кунлари Наманган шаҳрида ноқулай об-ҳаво шароити туфайли 300 нафардан зиёд Ўзбекистон Республикаси фуқаролари Новосибирск шаҳридаги “Толмачёво” халқаро аэропортида қолиб кетган.
Ушбу ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикасининг Новосибирск шаҳридаги Бош консулхонаси томонидан фуқароларга амалий ёрдам бериш мақсадида йўловчиларнинг 193 нафари “River Park” меҳмонхонасига жойлаштирилди, 33 нафарининг вазияти оғирлиги ҳисобга олиниб, Самарқанд, Бухоро, Фарғона ва Ош шаҳарлар йўналишларига авиачипталар алмаштириб берилди. Қолган фуқаролар ўзларининг хоҳиши билан меҳмонхонага жойлаштирилишдан воз кечиб, аэропортда кутишни афзал топишди.
Шунингдек, йўловчилар орасидаги тиббий ёрдамга муҳтожлар тиббиёт ходимлари томонидан кўрикдан ўтказилиши ҳамда барча йўловчилар 3 маҳал иссиқ овқат билан таъминланиши ташкил этилди.
Бош консулхона томонидан Ўзбекистон ва Россиянинг масалага алоқадор масъуллари билан ҳамкорликда ташкил этилган ўзаро маълумотлар алмашуви натижасида 2022 йилнинг 21 декабрь куни соат 15:00 да "S7 Airlines" авиакомпаниясининг “Новосибирск-Наманган” йўналишидаги авиақатнови қайта тикланиб, барча фуқаролар ватанга қайтарилди.
Мутасадди ташкилотлардан олинган маълумотларга кўра навбатдаги авиақатновлар об-ҳаво шароитидан келиб чиқиб, ўз вақтида амалга оширилиши режалаштирилган.
Бош консулхона томонидан вужудга келган вазият назоратга олинган.
Мурожаатлар учун телефонлар:
+7 (383) 246-04-84
+7 (913) 735-07-07