Обратитесь в консульство
телефон


Моя конституция


Ўзбекистонда конституциявий ислоҳотлар Италия ОАВ диққат марказида

Ўзбекистонда конституциявий ислоҳотлар Италия ОАВ диққат марказида

РИМ, 4 июль. /«Дунё» АА/. Италиянинг «Askanews» ахборот агентлиги томонидан  «Ўзбекистонда янги конституциявий ислоҳотлар» сарлавҳаси остида мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Унда таъкидланишича, мамлакатда Конституцияга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш бўйича Конституциявий комиссия тузилиб, ташкилий чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Мақолада таъкидланганидек, конституциявий ислоҳотларнинг устувор йўналишлари қаторига илгари мавжуд бўлган «давлат–жамият-инсон» парадигмасини янги «инсон-жамият-давлат»га ўзгартириш, уни Конституциявий қонунчилик ва конституциявий амалиётда белгилаш назарда тутилмоқда.

«Иқтисодий ислоҳотлар жараёнида инсон манфаатларини таъминлаш, фуқаролик жамияти институтларининг роли ва мақомини конституцияда мустаҳкамлаш, оила институтини ривожлантиришнинг конституциявий асосларини белгилаш, мамлакатда миллатлараро тотувликни мустаҳкамлаш, ёшларга оид давлат сиёсатини акс эттириш, ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш асосий вазифалар қаторига киради, - деб ёзади «Askanews».- Ёшлар, уларнинг ҳуқуқлари, манфаатлари ва масъулиятлари учун «Янги Ўзбекистон - ижтимоий давлат » тамойилини мустаҳкамлаш,  инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг амалдаги тизими самарадорлигини ошириш, болалар меҳнатининг олдини олиш, ногиронлар, кекса авлод вакилларининг ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш, махсус экологик бўлимларни жорий етиш, глобал иқлим ўзгариши билан боғлиқ ҳуқуқий нормалар, болалар боғчалари, мактабларнинг ривожланишини мустаҳкамлаш каби таклифлар ҳам илгари сурилмоқда».

📅 04.07.2022